Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

10 Октябрь 2024

Туркия ва Ўзбекистон хусусийлаштириш идоралари ҳамкорлик йўлга қўйди

Жорий йил 9 октябрь куни Давактив агентлигида Туркия Республикаси Хусусийлаштириш администрацияси президенти Бекир Эмре Ҳайкир бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда шунингдек, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар ва Туркия Республикаси Хусусийлаштириш администрацияси президенти ўринбосари Мурат Иброҳим Челебей ҳам иштирок этди.

Тадбир бошида Давактив агентлиги директори А.Ортиков Ўзбекистон-Туркия ўртасида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий шериклик изчил суръатда ривожланиб бораётгани, бугун Туркиянинг етакчи компаниялари Ўзбекистон бозорида фаол иштирокчига айланиб, натижада Турк бизнеси иштирокида кўплаб лойиҳалар самарали амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтди.

Бунга мисол тариқасида, Ўзбекистондаги хусусийлаштиришнинг биринчи муваффақиятли натижаларидан бири “Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan Ltd.” компаниясини “Anadolu Group” холдинги таркибига кирувчи “Coca-Cola İçecek”га 2021 йилда сотилиши келтирилди. “Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan Ltd.” компанияси сотилгандан сўнг, унда замонавий корпоратив ва молиявий бошқаруви тизимлари жорий этилди, компаниянинг ишлаб чиқариш қувватлари ва операцион самарадорлиги каррасига ошди. Шунингдек, жорий йилнинг май ойида Самарқанд шаҳрида янги ва замонавий тўртинчи завод ишга туширилди. Қолаверса, 2025 йилда Намангандаги мавжуд завод ўрнига янги замонавий инфратузилмага ва технологияларга эга бўлган завод бошқа жойда янгидан қуриб ишга туширилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Туркия давлати билан ҳамкорлик йўналишлари тобора кенгайиб бораётганлиги, хусусан, жорий йилнинг 23–28 сентябрь кунлари Туркия Маданият ва туризм вазирлиги таклифига биноан, Анқара шаҳрига яна бир Ўзбекистон делегациясининг ташрифи амалга оширилганлиги эслатиб ўтилди. Ташрифдан мақсад, Туркия Республикасида туризмни ривожланиши тарихи, соҳа бўйича қонун ҳужжатлари, транспорт ва логистика ҳамда туризм марказларини ташкил этилишида Мастер режаларни ишлаб чиқилиши, туризм объектларига ер ажратиш ва якуний босқичда хусусийлаштириш юзасидан тажриба алмашиш эканлиги таъкидланди.

Суҳбатдан сўнг, томонлар икки томонлама ҳамкорликни самарали давом эттириш учун Англашув меморандумини имзоладилар. Мазкур меморандум манфаатли ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйишга, жумладан Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар доирасида Туркиянинг давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш соҳасида илғор тажрибасини жорий қилишга, хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этаётган салоҳиятли турк инвесторлари сонини янада оширишга ҳамда ушбу соҳаларни рақамлаштиришда ўзаро тажриба алмашишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, ташриф давомида делегация вакилларига Давактив агентлиги фаолияти бўйича тақдимот ўтказилди. Хусусан, Ўзбекистонда хусусийлаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, эришилган натижалар ва келгусидаги истиқболли режалар борасида маълумот бериб ўтилди. 

Бундан ташқари, “E-auksion” электрон савдо платформаси фаолияти ва имкониятлари тўғрисида ҳамда ер участкаларини реализация қилиш юзасидан жорий этилган тизим ва уни амалиётда ишлаш тартиби ҳақида ҳам тақдимот қилинди. Ўз ўрнида, Туркия Хусусийлаштириш администрацияси раҳбари томонидан Давактив агентлигида жорий этилган “E-auksion” электрон онлайн савдо тизимига катта қизиқиш билдирилди ҳамда бу тизимни ўрганиб Туркияда ҳам татбиқ қилиш масаласида ҳамкорлик сўралди.

Тадбир якунида, томонлар Англашув меморандуми доирасида ҳамкорликда олиб бориладиган лойиҳаларнинг амалга ошириш механизмлари вa қўшма ҳаракатларини муҳокама қилиб олдилар.

7473 Чоп этиш