Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

20 Октябрь 2026

Самарқанд вилоятида тадбиркорлар ва инвесторлар учун йирик «RoadShow» тақдимоти ўтказилади

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари, маҳаллий ва хорижий инвесторлар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларини навбатдаги кенг кўламли «RoadShow» (тақдимот) тадбирига таклиф этади.

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад — Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорларига мувофиқ хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари, давлат улуши мавжуд бўлган корхоналар, бўш турган бино ва иншоотлар ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланган ер майдонлари тўғрисида жамоатчиликка шаффоф ва батафсил маълумотлар етказишдан иборат.

Тадбир давомида иштирокчилар қуйидаги масалалар бўйича тўлиқ ахборот олиш имкониятига эга бўладилар:

  • Хусусийлаштириш дастурлари: Ҳозирги кунда Самарқанд вилояти ҳудудида сотувга чиқарилган ва келгусида чиқарилиши режалаштирилган йирик ва оўрта давлат активлари рўйхати.

  • Давлат мулки объектлари: Ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳалар учун мўлжалланган бўш бино-иншоотлар ҳамда уларнинг техник кўрсаткичлари.

  • Ер майдонлари: Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини йўлга қўйиш учун аукцион савдоларига чиқарилган ер участкалари ҳақида маълумотлар.

  • Савдо жараёнлари: Давлат активларини электрон онлайн-аукционлар орқали сотиб олишнинг соддалаштирилган тартиби, савдоларда қатнашиш қоидалари ва харидорлар учун яратилган қулайликлар.

  • Консультация: Давлат активларини бошқариш агентлиги мутахассислари ҳамда «E-auksion» платформаси вакилларидан бевосита саволларга жавоблар ва амалий тавсиялар олиш.

Тақдимот доирасида, шунингдек, муваффақиятли хусусийлаштирилган объектлар мисолида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш тажрибаси ҳам ўртоқлашилади.

Ушбу тадбир тадбиркорлар учун ўз бизнесини кенгайтириш, янги инвестицион лойиҳаларни бошлаш ва давлат мулкини шаффоф шартлар асосида сотиб олиш учун қулай имкониятдир.

Тадбир ўтказилиш вақти ва жойи:

  • Сана: 2026 йил 22 октябрь

  • Вақт: Соат 11:00 (рўйхатга олиш 10:30 да бошланади)

  • Манзил: Самарқанд шаҳри, Кўксарой майдони 1-уй.

  • Мўлжал: Самарқанд вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги Бош бошқармаси биноси (мажлислар зали).

Илғор ғоя ва инвестицион салоҳиятга эга барча тадбиркорларни ҳамкорликка чорлаймиз!

Қўшимча маълумотлар учун:

Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси.

Савдо жараёнлари ва объектлар рўйхати билан олдиндан e-auksion.uz портали орқали танишишингиз мумкин.

5 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech