2024 йил 6 сентябрь куни Самарқанд вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биносида судлов ҳайъати раиси Х.Турсуновнинг раислигида Самарқанд вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари, туманлараро ва шаҳар суди судьялари, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи А.Ибрагимов, Самарқанд вилоят Солиқ бошқармаси ходимлари А.Ахтамов, З.Раджабов, Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси инспектори М.Юлдашев ва тугатиш (суд) бошқарувчилари иштирокида иқтисодий судлар томонидан банкрот деб топилиб, узоқ муддатдан буён тугатиш ишлари якунига етмаган ишларни ўз вақтида самарали тугатиш ишларини амалга ошириш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда вилоят судининг судьяси Б.Жураев маъруза қилиб, 2024 йил 1 сентябрь ҳолатига иқтисодий судлар томонидан банкрот деб топилиб, узоқ муддатдан буён тугатиш ишлари якунига етмаган 26 та ишларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида таҳлил қилинди ва муҳокама якунида тугатиш ишларининг ҳар бирига “тугатиш режаси” ишлаб чиқишга, унда қисқа муддатларда тугатиш ишларини якунлаш чораларини белгилашга, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси тугатиш ишларини доимий назорат қилинишини янада кучайтиришга, судьяларга - тугатиш жараёнида аниқланган ҳар қандай ҳаракатсизлик ва қонунбузилиш ҳолатларига муросасиз бўлишга ҳамда тугатиш ишларини лозим даражада назоратини олиб боришга келишиб олинди.
Шунингдек, кун тартибидаги иккинчи масал юзасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи А.Ибрагимов сўз олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 июлдаги “Тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” ПФ-109-сонли Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 июлдаги “Тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 304-сонли Қарорининг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтди.
Маърузачи ўз сўзида, ушбу ҳужжатлар юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда амалдаги қонунчилик ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунига мувофиқлаштириш мақсадида қабул қилинганлигини таъкидлаб, йиғилиш иштирокчиларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида батафсил тушунчалар берди.