Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

22 Июнь 2024

Самарқанд вилоят судида семинар йиғилиши бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 22 июн куни Самарқанд вилоят судида семинар йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Самарқанд вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари, туманлараро, туман ва шаҳар иқтисодий судларининг судьялари, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамда суд (тугатиш) бошқарувчилари иштирок этди.

Раислик қилувчи Ш.Мамадияров йиғилишни очиб, сўзида - суд бошқарувчилари тугатиш ишларини пайсалга солиб, муддатларни атайин бузиши, бу билан қарздор ва дебитор қарзи мавжуд корхоналарнинг мансабдор шахслари билан хуфиёна тил бириктириш оғир жиноий қилмиш эканлиги, бунинг салбий оқибати жуда оғирлигини гапириб, суд бошқарувчиларидан муддатларга риоя этиш, оралиқ ҳисоботларида амалга оширган барча ишларини кўрсатиб, муддатида судларга топшириш, судьяларга эса оралиқ ҳисоботларни суд бошқарувчининг иштирокида, суд мажлисида оператив равишда қисқа муддатларда кўриб чиқиш, унинг натижаларига мувофиқ суд томонидан муносабат билдирилиши шартлиги уқтирилди.

Шундан сўнг, сўз Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи А.Ибрагимовга берилди. У ўз сўзида суд бошқарувчилардан ҳалол ва фақат қонун асосида ишлаши ҳақида тилхат олинганлигини, фаолиятни “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига асосан қатъиятлик билан амалга ошириш шартлиги, коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик зарурлиги, бошқарма суд бошқарувчиларининг фаолиятини жиддий назоратга олганлигини гапирди.

 

Шунингдек, судья Ў.Муродов сўзга чиқиб, у ўз сўзида тугатиш ишлари олиб борилаётган корхоналарнинг статистик маълумотларини тугатиш муддатлари ва суд бошқарувчилари кесимида амалга оширилган таҳлил ҳақида батафсил гапириб берди. Хусусан, 

2023 йил 31 декабрь ҳолатига тугатишга доир иш юритиш муддати бир йилдан ошган 36 та тўловга қобилиятсиз (банкрот) корхоналар мавжудлиги, шулардан 2024 йил 27 март ҳолатига 10 таси бўйича қарздорларнинг тўлов қобилиятсизлиги тикланганлиги (соғломлаштирилганлиги) ёки тугатишга доир иш юритиш якунланганлиги ва қарздорлар давлат реестридан чиқарилганлигини маълум қилди.

2024 йил 14 июнь ҳолатига вилоят иқтисодий судларининг иш юритувида тугатишга доир иш юритиш муддати бир йилдан ошган 66 та тўловга қобилиятсиз (банкрот) корхоналар мавжуд. Шундан 1 таси бўйича ташқи бошқарув жорий этилганлиги, 15 таси бўйича дебиторлик қарзларни ундириш юзасидан судга даъво аризалар киритилганлиги, 4 таси бўйича мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганлиги, 14 таси бўйича аниқланган мол-мулклар аукцион савдоларига қўйилганлиги, 6 таси бўйича қарздор таъсисчилари томонидан қарздорликни тўлаш чоралари кўрилаётганлиги, 21 та иш бўйича тугатиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги ҳамда 5 таси бўйича ахборот тизимидаги техник хатолик сабабли қарздор давлат рўйхатидан чиқарилмаганлиги сабабли қонунда белгиланган тугатиш ишлари муддати ўтказиб юборилган бўлиб, ҳозирга қадарли ҳам тугатиш ишлари якунланмаган.

Шундан сўнг, тугатилаётган корхоналар рўйхати бўйича муаммолари тўғрисида суд бошқарувчилари билан таҳлил қилинди. Уларнинг йўл қўйган хато ва камчиликлари кўрсатилиб, зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган чоралари белгилаб берилди.

 

Бундан ташқари, соддалаштирилган тартибда банкрот деб эътироф этилган мол-мулки аниқланмаган қарздорларни тугатишга ўрта ҳисобда 45 – 60 кун кетиши, бундай қарздор корхоналарни тугатишни ўз ҳолига ташлаб қўйиш жавобгарлик чорасини кўришга сабаб бўлиши;

Соддалаштирилган тартибда берилган аризаларда - солиқ тўловчининг шахсий варақасидан берилган кўчирмадаги солиқ турларига эътибор қаратиш зарурлиги, унда ер солиғи ва мулк солиғидан қарзи мавжуд бўлса, солиқ органига топширилган ҳисоботларни талаб қилиш шартлигига эътибор қаратишни, ишларни таҳлили, шунингдек апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларда қарздорларнинг кўчмас мулки, ер участкалари борлиги, тугалланмаган харажатлари ҳам мавжудлиги аниқланганлиги; 

Тугатиш бошқарувчилари эса ўз вазифаларига лозим даражада ёндошмаганлиги – мулкларни қидириш, уларни сақлаш, сотиш ва реализациядан тушган маблағларни кредиторларга вақтида тақсимланмаганлиги, якуний ҳисоботни беришни асоссиз чўзганлиги;

Судьялар суд бошқарувчиларини тугатиш жараёнида аризасига асосан объектив сабаб бўлмасада озод этиб, ўрнига бошқа суд бошқарувчисини тайинлаганлиги, оралиқ ҳисоботларни хатто ўқиб кўрмаганлиги;

Тугатиш жараёнида суд ва тугатиш бошқарувчи ўртасида ҳамкорлик ва бунинг оқибатида назорат етарли эмаслиги, якуний ҳисобот тасдиқланиб, қарздорни ягона реестрдан чиқариш чоралари кўрилмаганлиги, маълумотларни Давлат хизматлари агентлигидан талаб қилиб олиниб, судга тақдим қилмаганлиги каби камчиликлар тугатиш ишларини чўзилишига сабаб бўлаётгалиги айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, ўз вазифасини лозим даражада бажармаган, вазифасига совуққонлик билан қараган тугатиш бошқарувчилари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 232 (Суд ҳужжатини ижро этмаслик) ва 207 (Мансабга совуққонлик билан қараш) моддаларига асосан иш қўзгатиш масаласини ҳал қилиш учун прокуратура органларига хусусий ажрим чиқарилиши борасида қаттиқ огоҳлантирилди.

Йиғилиш якунида - тугатиш бошқарувчиларининг тугатишга доир иш юритиш жараёнида юзага келаётган муаммоларини бартараф этиш бўйича иштирокчилар ўртасида савол-жавоблар бўлиб ўтди.

 

Самарқанд вилоят суди судьяси 
И.Хамроқулов

 

          Давактив агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси 
А.Ибрагимов

57 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech