Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

11 Декабрь 2025

“Самарқанд автомобил заводи” МЧЖ ҚК устав капиталидаги 75,2 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш жараёнлари якунланди

Аввал хабар берилганидек, Давлат активларини бошқариш агентлиги “Самарқанд автомобил заводи” МЧЖ ҚК (кейинги ўринларда — SamAuto) устав капиталидаги 75,2 фоиз давлат улушини Туркиянинг йирик тижорат ва саноат гуруҳларидан бири бўлган "Anadolu Group" таркибидаги "Anadolu Isuzu" компаниясига (кейинги ўринларда — Инвестор) сотиш бўйича келишувга эришган эди.

 

Унга мувофиқ, Инвестор томонидан давлат улуши учун 80 млн АҚШ доллари миқдорида сотиб олиш тўловини амалга ошириши ҳамда корхонани ривожлантириш мақсадида лойиҳанинг техник-иқтисодий баҳолаши натижасида шакллантирилган хулоса ва тавсиялар асосида қўшимча 80 млн АҚШ доллари ҳажмида инвестиция киритиши келишилган.

 

Битимни амалга ошириш учун Инвестор томонидан Туркия Республикасининг тегишли тартибга солувчи органларидан барча зарур рухсатномалар олиниб, SamAuto устав капиталидаги 75,2 фоиз давлат улушини сотиб олиш бўйича жорий йил 19 ноябрь куни олди-сотди шартномаси имзоланди ва 9 декабрь куни 80 млн АҚШ доллари миқдоридаги сотиб олиш тўлови Давлат активлари агентлигининг Хусусийлаштириш жамғармасига келиб тушди.

 

Ўз навбатида, Хусусийлаштириш жамғармасидан 1 трлн. сўм миқдордаги маблағлар жорий йил 10 декабрь куни Республика бюджетига ўтказилди.

 

Шу билан бирга, Инвесторнинг инвестиция мажбуриятларини амалга ошириши доирасида тегишли инвестиция шартномаси расмийлаштирилади.

 

Давлат активларини бошқариш агентлиги мазкур хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этган барча манфаатдор томонларга, шунингдек, халқаро профессионал маслаҳатчилар "KPMG" халқаро компанияси ва "Dentons" халқаро юридик компаниясига миннатдорчилик билдиради.

14 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech