Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

17 Июль 2026

Давлат активлари агентлигида раҳбар ва ёшлар учрашуви ўтказилди

Бугунги кунда “Ёшлар куни” доирасида ўтказилаётган тадбирлар ёшлар билан очиқ мулоқотни кучайтириш, уларни қийнаётган масалаларни ўрганиш ҳамда таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

 

Шу муносабат билан Давлат активларини бошқариш агентлигида дунёнинг TOP-100талик олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳамда агентлик тизимида фаолият олиб бораётган ёшлар билан учрашув ташкил этилди. Унда Агентлик директори Соҳибжон Муродов ёшлар билан самимий мулоқот қилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳамда давлат активлари тизимидаги устувор йўналишлар ҳақида сўз юритди.

 

 

Таъкидланганидек, бугунги кунда давлат бошқаруви тизими стратегик фикрлайдиган, халқаро тажрибани чуқур ўзлаштирган, иқтисодий таҳлил қилиш кўникмасига эга, рақамли технологиялардан самарали фойдалана оладиган, хорижий тилларни мукаммал биладиган ҳамда Ватан тараққиёти учун масъулиятни чуқур ҳис қиладиган мутахассисларга эҳтиёж сезмоқда.

 

“TOP-10, TOP-50 ва TOP-100 таликка кирган университетларда билим олаётган ёшларимиз нафақат ўз келажагини, балки Янги Ўзбекистон тараққиётини ҳам белгилаб берадиган салоҳиятли кадрлардир. Биз ана шундай ёшларни келгусида Давлат активлари агентлиги тизимида кўришдан манфаатдормиз. Бугун Агентлик мамлакатимиздаги энг муҳим иқтисодий ислоҳотларни амалга ошираётган ташкилотлардан бири ҳисобланади”, — деди Давлат активлари агентлиги директори Соҳибжон Муродов.

 

Қайд этилганидек, Агентлик тизимида халқаро инвесторлар билан музокаралар олиб бориш, йирик хусусийлаштириш битимларини тайёрлаш, давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш, корпоратив бошқарувнинг халқаро стандартларини жорий этиш ҳамда капитал бозорини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнларнинг муваффақияти эса, аввало, малакали ва замонавий билимларга эга инсон капиталига боғлиқ.

 

Учрашув давомида хорижда таҳсил олаётган ёшлар билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш, уларни Агентлик тизимида амалиёт ўташлари учун имкониятлар яратиш ва фаолият билан боғлиқ тадбир-дастурларига жалб қилиш, илмий-таҳлилий лойиҳаларда ўзаро тажриба алмашишни кенгайтиришга келишиб олинди.

 

Тадбирда Давлат активлари агентлигининг масъул раҳбарлари давлат активларини хусусийлаштириш сиёсати, давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва трансформация қилиш, шунингдек, “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали давлат активларини очиқ ва шаффоф сотиш механизмлари юзасидан қизиқарли ва мазмунли тақдимотлар билан иштирок этдилар.

 

 

Шунингдек, тадбирда мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг сифатли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

 

Тадбир сўнггида, талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда Агентлик раҳбарияти билан очиқ ва самимий мулоқот қилиш имкониятига эга бўлдилар.

 
 
54 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech