Ўзбекистонда давлат мулкини хусусийлаштириш ва савдо жараёнларини жадаллаштириш мақсадида e-auksion тизими ва савдо тартиб-таомилларига қатор муҳим ўзгартиришлар киритилди. Янгиланган тизим тадбиркорлар учун ортиқча вақт йўқотишларининг олдини олиш ҳамда давлат активларига бўлган жозибадорликни оширишга қаратилган.
Киритилган асосий янгиликлар ва уларнинг мазмуни қуйидагилардан иборат:
1. Бошланғич нархи 1 миллион сўм бўлган лотлар Узоқ вақт давомида сотилмасдан турган бир қатор давлат активлари эндиликда савдога 1 миллион сўмлик рамзий бошланғич нарх билан чиқарилмоқда. Бу кичик ва ўрта бизнес вакиллари учун давлат активларини сотиб олиш ҳамда улардан унумли фойдаланиш имкониятини яратади.
2. Гибрид аукцион усулининг жорий этилиши (Англо-Голланд модели) 3 ой давомида сотилмаган объектлар бўйича савдо жараёнлари янгича гибрид модель асосида ташкил этилади:
-
Нархни пасайтириш босқичи: Дастлаб объект нархи босқичма-босқич 2 фоиздан пасайтириб борилади.
-
Нархни ошириш босқичи: Иштирокчилардан бири пасайтирилган нарх бўйича таклиф билдиргач, савдо тўхтатилади ва шу нархдан бошлаб классик ошириш тартиби йўлга қўйилади.
3. Савдо муддатларининг қисқартирилиши Аввалги тартибда савдо ҳақидаги хабарнома эълон қилингач, аукцион бошланишини 30 кун кутиш талаб этиларди. Янгиланган қоидаларга кўра:
-
Биринчи савдо хабарномаси эълон қилиш муддати 30 кундан 15 кунга туширилди.
-
Такрорий савдоларда хабарнома муддати 10 кундан 5 кунга қисқартирилди.
Савдога чиқарилган давлат активларининг тўлиқ рўйхати билан E-Auksion расмий саҳифаси орқали танишишингиз мумкин.
СамДавактив матбуот хизмати

