Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

17 Июль 2026

Иқтисодий суд амалиёти ва амалдаги қонунчиликдаги янгиликлар муҳокама қилинди

 2026 йил 15 июль куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилояти бошқармасида иқтисодий суд амалиёти, медиация институтининг ҳуқуқий асослари, иқтисодий судларда ишларни келишув битими асосида якунлаш амалиёти, иқтисодий судларга киритиладиган даъво аризалари сифати ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликдаги янгиликларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари, Самарқанд туманлараро иқтисодий суди вакиллари, тижорат банклари юристлари ҳамда Савдо-саноат палатасига аъзо ташкилотларнинг юридик хизмат ходимлари иштирок этди.

 

 Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти юзасидан батафсил маълумот берилди. Таъкидланганидек, мазкур қонун медиация соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган бўлиб, фуқаролик-ҳуқуқий, тадбиркорлик, банк, суғурта, меҳнат ва оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда медиацияни қўллаш имкониятларини белгилайди.

Медиация махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ҳамда холислиги тамойиллари асосида амалга оширилади. Медиация фақат тарафларнинг ўзаро розилиги мавжуд бўлган тақдирда қўлланилади ҳамда тарафлар исталган босқичда ундан воз кечиш ҳуқуқига эга. Томонлар низони ўзаро мақбул келишув асосида ҳал этиш учун масалаларни эркин муҳокама қилади ва медиация жараёнида яраштиришга мажбурлашга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, медиация жараёнида жисмоний ва юридик шахслар тараф сифатида иштирок этиши, медиация бир ёки бир нечта медиатор томонидан амалга оширилиши, томонларнинг эса шахсан ёки вакиллари орқали қатнашиши мумкинлиги қайд этилди.

 

Тадбир давомида медиация тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, медиаторларни тайёрлаш ва фаолият юритиш тартиби ҳақида ҳам батафсил тушунтиришлар берилди. Олий маълумотга эга бўлган, махсус ўқув курсларини тамомлаган, малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтган ва Медиаторлар реестрига киритилган шахслар медиаторлик фаолиятини амалга ошириши мумкинлиги таъкидланди.

Давра суҳбатининг навбатдаги қисмида иқтисодий судларда ишларни келишув битими ва медиатив келишув асосида якунлашнинг аҳамияти муҳокама қилинди. Амалдаги иқтисодий процессуал қонунчиликка кўра, судлар тарафларнинг ўзаро келишувга эришиши учун зарур чораларни кўради ҳамда низоларни тинч йўл билан ҳал этишга кўмаклашади.

Қонунчиликка мувофиқ, тарафлар низони келишув битими ёки медиатив келишув тузиш орқали ҳал этиши мумкин. Келишув битими иқтисодий суд иш юритувининг исталган босқичида, шу жумладан суд ҳужжатларини ижро этиш жараёнида ҳам тузилиши мумкин. Медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд қарори қабул қилинишидан олдин тузилиши мумкин.

Келишув битимларида тарафларнинг мажбуриятларни бажариш муддатлари ва шартлари, қарздорликни бўлиб-бўлиб тўлаш, талаб қилиш ҳуқуқидан воз кечиш, қарзни тан олиш ёки ундан воз кечиш, суд харажатларини тақсимлаш каби масалалар акс эттирилиши мумкинлиги қайд этилди.

 

Тадбир давомида иқтисодий судларга тақдим этиладиган даъво аризаларининг сифати ҳам муҳокама қилинди. Амалиётда айрим ҳолларда даъво аризаларида низолашилаётган сумманинг ҳисоб-китоби, ҳуқуқий асослар ва зарур далиллар етарли даражада кўрсатилмаётганлиги қайд этилди. Шу муносабат билан юридик хизмат ходимларига даъво аризаларини амалдаги процессуал қонунчилик талабларига қатъий риоя қилган ҳолда тайёрлаш тавсия этилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 23 июнда қабул қилинган “Айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти ҳам кенг ёритилди.

Қонун билан коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларнинг электрон реестрини юритиш, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ҳудудий коррупцияга қарши курашиш кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ваколатларини кенгайтириш каби қатор янгиликлар жорий этилганлиги таъкидланди.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида комплаенс назорат тизимларини янада кучайтириш, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш, коррупцияга мойил лавозимларни аниқлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда давлат харидларида нархларнинг шаклланиши устидан назоратни такомиллаштиришга қаратилган янги механизмлар ҳақида маълумот берилди.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди. Шунингдек, амалиётда учраётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, медиация институтидан самарали фойдаланиш ҳамда иқтисодий судлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди.

 

 СамДавактив матбуот хизмати

15 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech